Якуний амалиёт ва имтиҳонга тайёргарлик
Тошкент, 28 октябрь – Бугун Халқаро Кураш Институти, Халқаро Кураш Ассоциацияси ва Тошкент давлат транспорт университети ҳамкорлигида ташкил этилган уч ойлик онлайн курснинг якуний амалий босқичидаги сўнгги интенсив машғулот куни бўлиб ўтди. Дастур Кураш техникасини тўлиқ якунлаш, ҳакамликдаги муҳим қоидаларни ўрганиш ва эртанги имтиҳонларга тайёргарлик жараёнини қамраб олди.
Интенсив амалий машғулотларнинг сўнгги қисми Кураш Усулнинг энг катта ва якуний гуруҳи — "Қўшша" техникаларига бағишланди. Институт экспертлари раҳбарлигида иштирокчилар ушбу мураккаб усуллар бўйича батафсил тушунтиришлар ва амалий машқларни бажариб, Курашнинг барча асосий техник элементларини ўзлаштиришди.
Куннинг иккинчи ярмидаги ҳакамлик дарсларида мутахассисларнинг эътибори ҳакамлик қоидаларидан бири — Танбеҳ бериш тартибига қаратилди. Бу муҳим мавзу амалий мисоллар ва видеолавҳалар ёрдамида атрофлича таҳлил қилиниб, ҳакамларга танбеҳ беришда адолатлилик ва изчилликни таъминлаш қоидалари тушунтирилди.
Олийгоҳ Кураш залига Халқаро Кураш Ассоциацияси Бош котиби Ризо Нассири ва IKA Администрация раҳбари Мансур Мирзаев ташриф буюрди. Жаноб Нассири иштирокчиларга эртанги имтиҳонлар тартиби ҳақида батафсил маълумот берди.
Шу билан бир ҳафталик интенсив амалиётнинг асосий машғулотлари муваффақиятли якунланди. Энди бўлажак экспертларни олган билимларини синовдан ўтказувчи финал босқич — халқаро имтиҳонлар кутмоқда.





