Кураш Усул ва Ҳакамлик Сирлари Ўргатилмоқда

Кураш Усул ва Ҳакамлик Сирлари Ўргатилмоқда

Тошкент давлат транспорт университетининг Кураш мажмуасида Халқаро кураш мутахассисларини тайёрлашга қаратилган уч ойлик онлайн курснинг якуний амалий босқичи давом этмоқда. Навбатдаги кун ҳам назария ва амалиётга бой бўлди.

Кун дастури Кураш Усулининг "Супурма" гуруҳи техникаларига бағишланди. Иштирокчилар Курашнинг асосий элементларидан бири бўлган ушбу гуруҳ усуллари бўйича чуқур билим ва амалий кўникмаларга эга бўлишмоқда. "Супурма" гуруҳи усуллари рақибнинг оёғига таъсир қилиш, мувозанатини йўқотиш ва ерга йиқитишга қаратилган.

Кураш Усул – бу Кураш спортининг барча техник ҳаракатлари, усуллари ва комбинацияларининг ягона халқаро тизимидир. У Курашнинг асосий тамойилларини, яъни фақат тик турган вазиятда курашиш ҳамда зарбалар ва оғритувчи усулларни қўлламаслик каби қоидаларни акс эттиради.

Куннинг иккинчи ярми муҳим ташкилий ва амалий мавзуларга бағишланди.

Халқаро Кураш Ассоциацияси (IКА) Бош котиби Муҳаммад Ризо Нассири мураббий ва ҳакамларни IКА веб-сайти орқали лицензия имтиҳони учун рўйхатдан ўтиш тизими, шунингдек, Кураш мусобақаларида мутахассисларни тоифа бўйича рўйхатга олиш ва бошқа муҳим жараёнлар ҳақида атрофлича тушунтириш берди. Бу, бўлажак экспертларнинг халқаро фаолиятни самарали олиб боришлари учун муҳим аҳамиятга эга.

Шундан сўнг, бўлажак экспертлар ҳакамлик қоидаларига бағишланган тренингларга киришдилар. Уни институт экспертлари Али Шахеркани, Ким Эурджунг ва Ҳикмат Қуртов олиб боришди. Ҳакамлик ҳар бир спортнинг муҳим жиҳатларидан бири бўлиб, Курашда ягона халқаро стандартлар асосида ҳакамлик қоидаларини ўрганишга алоҳида эътибор қаратилмоқда.